Тошкент, Ўзбекистон — Стратегик ислоҳотлар агентлигида Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Муҳокаманинг асосий мавзуси Ўзбекистонда стратегик режалаштириш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан асосий ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва халқаро стандартларни режалаштириш жараёнига жорий этиш масалаларига бағишланди.
Учрашув давомида миллий ва тармоқлар даражасидаги амалдаги стратегик режалаштириш тизими муҳокама қилинди. Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров мавжуд тизимни ўрганиш 2023 йилда GIZ томонидан молиялаштирилган халқаро экспертларнинг кўмагида бошланганлгини таъкидлаб, тадқиқотлар натижасида 130 га яқин стратегик ҳужжатлар аниқланганлигини, уларнинг аксарияти халқаро стандартларга жавоб бермаслиги ва амалга ошириш учун зарур ресурслар бўйича аниқ маълумотларни ўз ичига олмаслигини билдирди.
Олинган маълумотлар асосида Агентлик томонидан “Стратегик режалаштириш тизимини жорий этиш бўйича устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат стратегик ҳужжатларнинг аниқ иерархиясини ва уларнинг таснифини белгилаб бериш билан бирга, Агентлик ҳамда вазирлик ва идоралар таркибидаги стратегик режалаштириш бўлинмаларининг асосий ролини мустаҳкамлайди.
Муҳокамада бошқарув жараёнларида объектив маълумотлардан фойдаланиш аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Агентлик ҳузуридаги “Delivery Unit” офиси “Миллий маълумотларни бошқариш тизими тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ушбу қонун асосида илмий асосланган қарорлар қабул қилиниши ва давлат бошқаруви сифатининг ошиши таъминланади.
Бундан ташқари, иштирокчилар тармоқ стратегиялари ва инвестицион дастурлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни такомиллаштириш, шунингдек, уларни бюджет тизими ва асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизимига интеграция қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Стратегияларнинг бажарилишини назорат қилиш механизмлари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш учун жавобгарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокаманинг муҳим жиҳатларидан бири иқлим кун тартибини стратегик режалаштириш жараёнига интеграция қилиш бўлди. Фармон лойиҳасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан экологик экспертизаларни мажбурий равишда ўтказиш тартиби кўзда тутилган бўлиб, бу янги стратегияларнинг «яшил» ривожланиш тамойилларига ва барқарор ўсишга мослигини таъминлайди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда халқаро стандартларга асосланган самарали стратегик режалаштириш тизимини яратиш учун яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди.