Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистон Ислом Амирлигининг соғлиқни сақлаш вазири Мавлавий Нур Жалол Жалолий билан учрашуви ўтказилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, фармацевтика ва стоматология йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Афғонистон томони Термиз шаҳрида стоматология бўйича мутахассис ёшларни ўқитиш, аҳолига стоматологик хизмат кўрсатишни кучайтириш ҳамда 20 га яқин филиал очиш бўйича таклиф билдирилди. Ушбу ташаббус минглаб фуқароларни тиш муаммоларидан халос қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича эса долзарб масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, тадбиркорлар томонидан Афғонистонда дори-дармон воситаларини рўйхатдан ўтказиш муддати олти ойдан бир ойга қисқартирилиши , шунингдек, бир марта импорт қилишга рухсат бериш тартиби жорий этиш таклифлари илгари сурилди. Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Ушбу шароитлар, маҳсулот сифати ва рақобатбардош нархлар билан биргаликда, Ўзбекистон фармацевтика компаниялари учун Афғонистон бозоридаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш имконини яратади. Жорий йил охиригача экспорт ҳажмини 50 миллион доллардан оширишга барча асослар мавжуд.