in

АҚШнинг “CalCity Industrial Park” компанияси асосчиси билан учрашув

Тошкент, Ўзбекистон — Айни пайтда АҚШнинг “CalCity Industrial Park” компанияси асосчиси Степан Кюркчу бошчилигидаги делегация Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ҳалимжон Сафаров ҳамроҳлигида Бухорода бўлиб турибди. Ташриф доирасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов нуфузли компания делегацияси билан учрашди.

Мулоқотда кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, ижтимоий-сиёсий муносабатлар янги босқичга кўтарилгани айниқса, Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий муҳит туфайли ҳудудга сармоя киритиш истагидаги чет эллик ишбилармонлар сафи кенгайиб бораётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташқи сиёсатдаги фаоллиги, қолаверса, бизнес учун яхши шароит яратилгани сабаб компаниямиз мамлакатингизда икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Масалан, биз Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида умумий қиймати 90 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга оширяпмиз. Қуввати 6,2 минг тоннага тенг лойиҳа 2027 йил якунига қадар ишга туширилади. 500 та иш ўрни яратилиб, бюджетга 19 миллиард тушум тушиши таъминланади. Истагимиз, Бухорода ҳам мана шу каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш, —деди мулоқот давомида Степан Кюркчу.

Ботир Зарипов барча хорижий ҳамкорлар қатори “CalCity Industrial Park” компаниясининг ҳам вилоятда амалга ошириши режалаштирилаётган лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдирди.

Мазкур йирик компанияни Бухорода тўқимачилик, қурилиш, қуёш панеллари ишлаб чиқариш, эркин иқтисодий зоналарда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб қилишда амалий ёрдам беришга чақирди. Бунда инвесторларга яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тўхталди.

Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари ва бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан келишиб олинди.