Тошкент, Ўзбекистон — “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ-122-сон, 25.03.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2025 йилда божхона соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
– соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
– божхона органлари ахборот тизимларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;
– божхона органлари ташкилий тузилмаларини оптималлаштириш.
Божхона қўмитаси тизимида Божхона расмийлаштируви маркази ташкил этилади. Бунда ҳудудий бошқармаларнинг масофавий электрон декларациялаш божхона постлари босқичма-босқич тугатилади.
Божхона қўмитаси таркибида божхона соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга ихтисослашган тузилма ташкил этилади. Тузилманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди. Жумладан:
– сунъий интеллект технологиялари соҳасида илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш;
– божхона назорати ва расмийлаштирувини қамраб олган сунъий интеллект технологияларини тадқиқ қилиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда доимий тарзда сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чораларини кўриш.