Тошкент, Ўзбекистон — Расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Тошкентдаги Технопаркка ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлик қилди.
Ушбу инновацион комплекс Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун муҳим майдон ҳисобланади. Лойиҳага 365 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинган. Ҳозирда Технопарк ҳудудида 16 та замонавий ишлаб чиқариш майдони фаолият кўрсатмоқда.
Ташриф давомида Ираклий Кобахидзе Технопарк корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди. Меҳмонга кенг турдаги юқори технологияли маҳсулотлар – маиший техника, электрон ҳисоблагичлар, лифтлар, сув насослари, саноат кондиционерлари, музлатгич ускуналари ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилди.