Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида тадбиркорларга маркировка қурилмаларини сотиб олиш харажатлари суммасига фойда, айланмадан олинадиган солиқ ва якка тадбиркорлар учун даромад солиғини камайтириш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, пиво маҳсулотларини сотиш фаолияти солиқ органларини хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритиляпти.
Депутатлар томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида белгиланаётган нормалар аниқлаштирилгани, амалдаги қонунчиликка мослаштирилгани, хусусан, тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам шуғулланиши мумкинлиги назарда тутилгани таъкидлаб ўтилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ имтиёзларининг самарали қўлланилишига, рақамли маркировкалаш ҳамда аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.