in

Жаҳон банкининг LPI индексини юритувчи экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон — Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директор ўринбосари Азиз Хужанов ҳамда Жаҳон банкининг логистика самарадорлиги индекси (LPI) ни юритувчи экспертлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон логистика самарадорлиги индекси кўрсаткичларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари муҳокама этилди.

Мамлакатимиз транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг LPI халқаро рейтингидаги ўрни 2016 йилдаги 118-ўриндан 2023 йилда 88-ўринга кўтарилди.

Учрашув давомида Жаҳон банки катта иқтисодчиси Кристина Виедерер ҳамда Эрнани Арголо Ўзбекистон логистика самарадорлиги индекси кўрсаткичларини яхшилаш бўйича ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашди ҳамда ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.

Кристина Виедерер 2023 йилдан эътиборан Жаҳон банкига аъзо мамлакатларнинг LPI рейтинги янги методология асосида юритилиш бошланганини таъкидлаб ўтди. Янги услубият таъминот занжирини кузатиш маълумотлари асосида юритилади. Экспертлар янги LPI методологиясининг асосий самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) тўхталиб ўтди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон логистика самарадорлиги индекси кўрсаткичларини янада яхшилаш бўйича қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар:

– транспорт-логистика соҳасидаги Марказ томонидан амалга оширилган таҳлиллар ва ўрганишларни LPI юритувчи экспертлар билан алмашиш;

– транспорт-логистика соҳасида малака ошириш курсларини давлат миқёсида ташкил этиш;

– Ўзбекистон транспорт-логистика соҳасини тартибга солувчи қонун-қоидалар ҳақида маълумот алмашиш мақсадида мутахассислар билан учрашувлар ташкил этиш.