Тошкент, Ўзбекистон — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур лойиҳа билан Солиқ кодексига ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари учун ҳисобга олиш тартибини соддалаштириш, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини тақдим этиш ҳамда солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасида солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг қонуний манфатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий асослар такомиллаштирилаётганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахсларни рағбатлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишга қаратилган солиқ маъмурчилиги янада кучайтирилаётгани таъкидланди.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ тўловчиларга қулай шарт-шароит яратишда, ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.