Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон делегациясининг Покистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида 12 февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарлари Дилшод Расулов ва Ҳалимжон Сафаров Покистоннинг "Faisal China Pottery Works" фарфор маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводида бўлишди.
"Faisal China Pottery Works" заводи1967 йили ташкил этилган бўлиб, Гужрат шаҳридаги саноат зонасида жойлашган. Ушбу завод 70 хилдан ортиқ фарфор маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шуниндек, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Жанубий Америка ҳамда Африка мамлакатларига экспорт қилинади.
Меҳмонлар заводнинг цехларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини яқиндан кузатдилар, ходимлар билан танишиб, етакчи мутахассислар билан суҳбатлашдилар.
Шунингдек, ташриф доирасида Покистон фарфор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси Аднан Иқбал билан музокаралар олиб борилди. Суҳбат чоғида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва инвестициявий муҳитнинг афзалликлари бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.
Мамлакатда каолин хомашёси етарли миқдорда мавжуд эканлиги ва уни саноатда кенг қўллаш имкониятлари инобатга олиниб, икки давлат ўртасида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича келгуси қадамларни белгилаб олиш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида, жорий йилнинг март ойида Покистон ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда унинг доирасида инвестицион лойиҳалар устида ишлар олиб боришга келишиб олинди.