Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 11 февраль куни Лаҳор шаҳрида Ўзбекистон-Покистон муносабатлари тарихида илк бор “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, 500 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этмоқда.
Кўргазмада электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель ва ёғочсозлик, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва туризм каби соҳаларга ихтисослашган 100 га яқин Ўзбекистоннинг йирик миллий компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда.
Тадбир доирасида «B2B» ва «G2B» музокаралари ташкил этилмоқда. Тадбиркорлар янги алоқалар ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишмоқда. Шунингдек, икки давлат расмийлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида янги савдо шартномаларининг техник ва ҳуқуқий жиҳатларини ҳам муҳокама қилиш имконига эга бўлмоқдалар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Made in Uzbekistan” кўргазмаси ўзбек маҳсулотларини Покистон бозорига олиб чиқиш, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги сармоявий лойиҳаларни йўлга қўйишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Покистон корхоналари ўртасида умумий қиймати 500 миллион долларлик савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.