Тошкент, Ўзбекистон — Стратегик ислоҳотлар агентлигида “Boston Consulting Group” (BCG) халқаро консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров, BCG вакиллари Игор Алексеэв, Василий Гурев ва Игор Копйтов иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда 2035 йилгача энергетикани ривожлантириш бўйича Мастер-режа муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжат энергетик ресурсларга бўлган талаб, ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг узоқ муддатли прогнозини ўз ичига олади. Олиб борилган ишлар мамлакатнинг энергетик ўтиш жараёни, жумладан, электр энергияси ва табиий газга бўлган прогнозли талаб, генерация қувватларини тақсимлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланишини қамраб олади.
Муҳокама давомида Мастер-режани такомиллаштиришда ҳисобга олиниши лозим бўлган бир қатор муҳим жиҳатлар қайд этилди. Хусусан, аҳолининг, айниқса метан ва пропанни асосий даромад манбаи сифатида ишлатаётган ўзини-ўзи банд қилган фуқароларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжлари инобатга олиниши лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари учрашув давомида энергия самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада йирик истеъмолчилар учун энергия самарадорлигини ошириш бирламчи вазифа сифатида белгиланди. Бу эса истеъмол харажатларини ва энергия тизимига тушадиган юкни камайтиришда ёрдам беради. Иккинчи навбатда, ишлаб чиқариш тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув давомидаги асосий мавзулардан бири ижтимоий муассасалар учун барқарор газ таъминотини таъминлаш масаласи бўлди. Мактаблар, шифохоналар ва давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқа муассасалар табиий газ билан узлуксиз таъминланиши лозимлиги таъкидланди. Мазкур объектларнинг ҳозирги даражадаги энергия таъминотини сақлаб қолиш орқали мамлакат бюджетига тушадиган юк ортиб кетишининг ва аҳоли учун қўшимча харажатларнинг олди олинади.
Шунингдек, энергетик ўтиш жараёнида кўмир ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ортиб кетишига йўл қўймаслик, ҳамда мавжуд иссиқлик электр марказлари истеъмол қиладиган газ ҳажмини кескин қисқартиришнинг олдини олиш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан газ қувватларини қайта тақсимлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди, шунда мавжуд иссиқлик электр марказлари қўшимча энергия генерацияси учун таянч захира сифатида самарали ишлаш имкониятига эга бўлади.
Муҳокама давомида суюлтирилган газ таъминоти ва унинг бошқарув тизимини ишлаб чиқиш масаласога алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш жараёнига хусусий сектор ва аутсорсинг компанияларини жалб этиш масаласини кўриб чиқди. Бу ёндашув тақсимот самарадорлигини ошириш, хизмат сифатини яхшилаш ва барқарор етказиб беришни таъминлаш имконини беради.
Учрашув якунларига кўра, илгари сурилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда Мастер-режани такомиллаштиришга келишиб олинди. Мазкур ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши Ўзбекистонда барқарор ва мувозанатли энергетика тизимини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, энергетик мустақиллиги ва экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стратегик мақсадларга эришишга хизмат қилади.