in

Тошкентда Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 30 январь куни Франциянинг “MEDEF International” уюшмасида ишбилармонларининг халқаро ҳамкорликдаги етакчи вакили Клод Имовен бошчилигидаги тадбиркорлар делегацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

MEDEF International (Mouvement des Entreprises de France International) Франциянинг энг йирик ишбилармонлар уюшмаси бўлиб, Франция компанияларининг халқаро бозорга чиқишига ёрдам беради. Ташкилот хорижий мамлакатлар билан иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Уюшма дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакати билан иқтисодий ҳамкорлик олиб боради.

Учрашувда қатор йирик француз компаниялари — Societe Generale, VEOLIA, Iveco Bus, EDF International Networks, Eiffage International, SUEZ, Voltalia, Orano, Airbus, Aéroports de Paris, TotalEnergies Renewables Uzbekistan, ALSTOM, Egis каби корпорациялар вакиллари иштирок этди. Улар делегация таркибидаги компанияларнинг фаолияти, тажрибаси ва ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг бир қатор йирик компаниялари вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва давлат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар қуйидаги йўналишларда муҳокамалар олиб борди:

·    Давлат-хусусий шериклик – компаниялар билан инфратузилма лойиҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш;

·    Яшил ўсишни таъминлаш – яшил иқтисодиётни рағбатлантириш, яшил технологиялардан фойдаланган ҳолда энергия самарадорликни ошириш;

·    Энергетика соҳасини ривожлантириш – иссиқлик таъминотини модернизация қилиш, электр энергиясини етказиб бериш соҳасини такомиллаштириш, гидроэнергия станцияларидан фойдаланиш;

·    Транспорт ва йўл қурилиши – транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аэропортларни модернизация қилиш ҳамда янги замонавий автомобиль йўлларини қуриш юзасидан лойиҳалар;

·    Қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти – ирригация лойиҳаларини амалга ошириш, соҳага замонавий технологияларни жалб этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш;

·    Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва трансформация – хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини кенгайтириш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари.

Шунингдек, муҳокамалар давомида юқоридаги йўналишларда халқаро тажрибалардан кенг фойдаланиш ҳамда инновацион ёндашувлар ва замонавий тенденцияларга асосланган инновацион лойиҳаларни шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда фикрлар алмашинуви жараёнларини кўпайтиришга келишиб олди.