in

Тошкентда 30 дан ортиқ компания реклама қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 30 дан ортиқ компанияни реклама қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка тортди.

Жорий йилнинг январь ва февраль ойларида қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан реклама фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги бўйича мониторинг ва таҳлил ишлари олиб борилди.

Текширув давомида Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси Тошкентда фаолият юритаётган 30 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларда қонунбузарликларни аниқлади. Улар орасида Coca Cola Ichimligi Uzbekistan, International Beverages Tashkent (Pepsi), MAK Food Servis, LUMIERI, Turan Media, Oqtepa Food Service ва BARATRUM (SAFIA) каби компаниялар бор.

Ушбу компанияларга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Ташқи реклама ва маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом талабларини бузгани учун маъмурий ишлар қўзғатилди. Текширув натижаларига кўра, ушбу компанияларга молиявий жарималар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, мазкур компанияларга аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий топшириқлар берилди.