in

Туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқлари

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йил 14 февраль куни Озарбайжон Туркий дунёси учун йирик бизнес тадбирига мезбонлик қилди.

Туркий инвестиция жамғармаси (TIF) ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқи (TCCI) томонидан ташкил этилган ушбу анжуман Озарбайжон тадбиркорлар миллий конфедерацияси (ASK) раислигида ўтказилди.

Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар вакиллари, шу жумладан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакили, ҳукумат аъзолари, тадбиркорлар, дипломатлар ва инвесторлар иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсадлари инвестиция имкониятларини муҳокама қилиш, бизнес ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, минтақавий иқтисодий алоқаларни кучайтириш, аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва Туркий давлатлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантиришдан иборат эди.

Туркий давлатлар ўртасидаги бизнес ва инвестиция имкониятларини кучайтириш мақсадида TIF ва TCCI ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида фаолият юритувчи Туркий инвестиция жамғармаси (TIF) 2023 йил 16 март куни Анқарада имзоланган келишув асосида ташкил этилган. Озарбайжонда унинг ташкил этилиши мамлакат президенти томонидан 2023 йил 30 майда имзоланган қонун билан тасдиқланган ва жамғарма ўз фаолиятини 2024 йилда бошлаган.

Ушбу келишув натижасида инфратузилма, савдо ҳамда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, ишбилармонлар учун янги имкониятлар яратиш, Туркий давлатлар ўртасида савдо ҳажмини оширишга эришилади.

Тадбир доирасида TIFнинг устав капитали 20% га оширилиб, 600 миллион АҚШ долларига етказилгани эълон қилинди. Ушбу молиявий ўсиш минтақада микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, савдо ва тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратади.

Ўзбекистон аёл тадбиркорларнинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил май ойида Қорақалпоғистонда ТДТга аъзо мамлакатларнинг тадбиркорлар аёллар форумини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Шуниндек, тадбир доирасида B2B учрашувлари ташкил этилиб, янги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва келгуси инвестиция лойиҳалари юзасидан келишувларга эришилди.