Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 24 февраль–1 март кунлари Тошкент шаҳрида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) билан ҳамкорликда Туркиянинг шиша ва заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаси етакчи экспертларининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилмоқда. Ташриф доирасида туркиялик мутахассислар томонидан илк маротаба маҳаллий корхоналар мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.
Мазкур ўқув-семинарлар 2024 йил июнь ойида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги Стратегик шериклик кенгашининг 3-йиғилиши доирасида икки мамлакат давлатлари раҳбарлари ўртасида эришилган келишув ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Хусусан, томонлар ўртасида Ўзбекистон саноатининг 6 та соҳасини Туркия илғор тажрибаси асосида ривожлантириш ва дастлабки босқичда Ўзбекистонда турк стандартлари асосида маҳаллий соҳа мутахассислари малакаларини ошириш бўйича келишувга эришилган.
Ҳозирда Ўзбекистонда маиший шиша маҳсулотларига катта талаб мавжуд. Бу соҳадаги салоҳиятдан кенг фойдаланиб, мамлакат ички эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, экспорт қувватларини кучайтириш мақсад қилинган.
Тренинглар давомида туркиялик экспертлар ишлаб чиқариш самарадорлиги, маҳсулот сифати ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги билим ва тажрибаларини маҳаллий соҳа мутахассислари билан бўлишмоқда.
Ўқув-амалий семинарлар шиша ишлаб чиқаришда сифатни ошириш ҳамда илғор усулларни қўллаган ҳолда уларга ташқи ишлов бериш, технолог ва кимёгарларни Туркия тажрибаси билан таништириш йўналишларини ўз ичига олган.
Тренингда маиший шиша ишлаб чиқариш соҳасига ихтисослашган “ASL OYNA”, “KVARTS”, “ZARAVSHON OYNA”, “MINGYUAN SILU INDUSTRY” каби йирик ва бошқа корхоналар вакиллари иштирок этмоқда.
Заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўқув машғулотлари билан бир қаторда дастур доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Заргарлик саноати уюшмасига 3Д принтери грант асосида, беғараз кўмак сифатида тақдим этилиши кутилмоқда.
Заргарлик бўйича ўқув машғулотларида Ўзбекистонда ушбу соҳада фаолият юритаётган ““CARAVAN SILVER”, “NUR STAR JEWERLY”, “SOFIZAR”, “GLOBAL UNIVERSAL SERVIS” каби корхоналар вакиллари қатнашмоқда.
Ушбу ўқув дастури заргарлик саноатида инновацион ёндашувларни татбиқ этиш, миллий дизайн анъаналарини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистон заргарлик маҳсулотларини рақобатбардош даражага олиб чиқишга қаратилган.
Ўзбекистонлик мутахассислар мазкур ўқув тренингларида олган билимларини маҳаллий корхоналарда фаол қўллаб, ишлаб чиқариш жараёнида янги тажрибалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу билан маҳаллий маҳсулотларнинг нафақат ички бозор, балки халқаро майдонлардаги рақобатбардошлилигини таъминлаш бўйича ҳам катта имкониятлар яратилади.
Тренинглар якунида иштирокчиларга TIKA томонидан махсус сертификатлар топширилиши кутилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойида маҳаллий соҳа мутахассислари учун Туркияга сафар ташкил этиб, маиший шиша маҳсулотлари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш режалаштирилган.