in

Туркиянинг “Studio Verebra” компанияси вакиллари билан мастер-режаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Туркиянинг “Studio Verebra” компанияси Бош директори Мехмет Бекташ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ҳудудлар мастер-режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Шаҳобиддин Шарипов, Қўнғирот тумани ҳокими Бекзод Мадаминов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Studio Verebra — 2009 йилда Истанбулда ташкил этилган етакчи архитектура ва дизайн компанияси бўлиб, урбанистик лойиҳалардан тортиб, ички макон дизайнигача кенг миқёсда хизмат кўрсатади. Компания экологик барқарорлик ва маданий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда замонавий, барқарор ва минтақанинг эҳтиёжларига мос ечимларни ишлаб чиқишга ихтисослашган.

Уларнинг таниқли лойиҳалари қаторига Газиантеп шаҳридаги Naci Topçuog‘lu фан маркази ва технология парки ҳамда Токатда жойлашган Сулусарай термал иншоотлари киради. Бундан ташқари, компания Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридаги урбанистик ривожланиш лойиҳасида ҳам иштирок этган. Studio Vertebra глобал миқёсда Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Марказий Осиё бўйлаб лойиҳалар амалга ошириб келмоқда.

Муҳокамалар давомида томонлар Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, хусусан, туман ва шаҳарларнинг географик жойлашуви, табиий-иқлимий шароити, иқтисодий салоҳияти ва урбанизация имкониятларини инобатга олган ҳолда узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқиш ҳамда замонавий архитектура талаблари асосида мастер-режаларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мулоқот давомида мактаблар, шифохоналар, маданият марказлари ва бошқа ижтимоий объектларни замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш, экологик хавфсиз лойиҳалар, яшил ҳудудларни шакллантириш ҳамда ушбу жараёнларда шаҳарсозлик, экологик барқарорлик ва замонавий инфратузилма яратиш борасидаги илғор халқаро тажрибалардан кенг фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдилар.