in

ФАО Ўзбекистонда ветеринария хизматларини қўллаб-қувватлаш учун музлатгичлар етказиб берди

Тошкент, Ўзбекистон — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига “Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви асосида пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралар” лойиҳаси доирасида 70 дона музлатгич топширилди.

Расмий топшириш маросими Тошкентда бўлиб ўтди. Музлатгичлар бутун мамлакатдаги ветеринария лабораторияларининг техник имкониятларини оширади. Улар ҳайвонларнинг юқумли касалликларини аниқлаш ва мониторинг қилиш учун зарур бўлган биологик намуналар, озуқавий муҳитлар, диагностика реагентлари ва бошқа материалларни сақлаш учун тегишли шароитларни таъминлайди.

“Мақсадимиз Ўзбекистон ветеринария тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳайвонлар ва одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ветеринария назорати самарадорлигини оширишдан иборат”, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.

Музлатгичлардан ташқари, ФАО томонидан антибиотиклардан оқилона фойдаланиш ва сут ва паррандачиликда улардан фойдаланишни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида 3000 нусха босма ахборот материаллари совға қилинди. Шунингдек, ветеринария шифокорлари ва фермерлар учун ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича махсус йўриқномалар тайёрланди. Ушбу материаллар микробларга қарши чидамлиликни ривожлантириш хавфини минималлаштириш ҳамда мутахассислар ва фермерлар ўртасида хабардорликни оширишга қаратилган.

“ФАО Давлат ветеринария қўмитаси билан узоқ вақтдан бери фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда ва биз ветеринария инфратузилмасини мустаҳкамлашда давом этамиз, – деди Шерзод Умаров. “Яқин келажакда замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, жумладан рақамли ва бинокуляр LED микроскоплар, сут текширгичлар, pH ўлчагичлар ва бошқа муҳим воситаларни харид қилиш ва топширишни режалаштирганмиз”.

ФАО ушбу лойиҳани ва Ўзбекистонда ветеринария хизматининг моддий-техник базасини модернизация қилишга қаратилган бошқа ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этади. Ташкилот инфратузилмани ривожлантириш, мамлакатда ветеринария назорати самарадорлигини ошириш учун зарур асбоб-ускуналар ва эксперт ёрдами билан таъминлашга содиқ қолади.