Тошкент, Ўзбекистон — Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров Европа Инвестициялар Банки (ЕИБ)нинг кредитлаш масалалари бўйича вакили Дилара Альп билан учрашди.
Учрашувда мамлакатимиз транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон пулли автомобиль йўлларини қуриш ҳамда “Тошкент – Самарқанд” йўналишида юқори тезликдаги алоҳида йўловчи ташиш темир йўлини қуриш лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди.
Учрашувда Д.Альп хоним бугунги кунда ЕИБ асосан маҳаллий банкларга кредит линияларини очиш орқали лойиҳаларни молиялаштиришга аҳамият қаратаётганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, банк раҳбарияти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2024 йилда имзоланган Меморандумга мувофиқ юқорида қайд этилган лойиҳаларга ҳам катта қизиқиш билдирилаётганини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар транспорт ва логистика соҳасида фаолият юритиб келаётган компанияларга ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида ЕИБ томонидан тақдим этиладиган кредит линиялари шартлари ва муддатлари тўғрисида маълумотларни етказишга келишиб олди.