in

Ўзбекистондаги КҚАС лойиҳаси: барқарор ва экологик тоза энергетика сари муҳим қадам

Тошкент, Ўзбекистон — Сўнгги йилларда Ўзбекистон барқарор энергетик келажакни таъминлаш мақсадида атом энергетикасини ривожлантириш чораларини кўрмоқда. Хусусан, мамлакатимизда биринчи атом электр станциясини барпо этиш бўйича йирик лойиҳа татбиқ этиляпти.

Бу лойиҳа энергетик ресурсларни диверсификация қилиш ва анъанавий углеводородларга боғлиқликни камайтиришга қаратилган. Халқаро ташкилотлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорликда малакали мутахассислар тайёрлаш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. 

Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирекцияси” ДКнинг АЭС қурилиш лойиҳаларини режалаштириш ва назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Каримжон Язнонов ЎзА мухбирига интервью берди: 

– Мамлакатимиз энергетика тизимининг ривожланишида муҳим босқич ҳисобланган Ўзбекистондаги биринчи кичик қувватли атом станцияси (КҚАС) қурилиши лойиҳаси барқарор ва экологик тоза энергетикага эришиш йўлидаги асосий қадамлардан бири эканини алоҳида таъкидлайман. 

Ўзбекистонда барпо этилиши режалаштирилган КҚАС 6 та "РИТМ-200Н" ядро реакторларига эга бўлади. Умумий қуввати 330 МВтни ташкил этади. Станциянинг минимал хизмат муддати 60 йил бўлиб, у яна 20 йилга узайтирилиши мумкин. 

Хабарингиз бор, ушбу лойиҳанинг бош пудратчиси “Росатом” давлат корпорацияси ва улар билан тузилган шартномага кўра, пудратчи компания лойиҳалаштириш, қурилиш, ишга тушириш ва эксплуатация персоналини тайёрлаш бўйича тўлиқ мажбуриятларни ўз зиммасига олади. 

Ҳозирги вақтда ушбу ташаббус лойиҳалаштириш босқичида бўлиб, халқаро хавфсизлик стандартларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга оширилиши таъминланмоқда. 

Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакат энергетик хавфсизлигини таъминлашда муҳим омилдир. Кичик қувватли атом станциялари қурилиш муддатининг қисқалиги, хавфсизлик даражасининг юқорилиги, автоном тарзда ишлаш имконияти ҳамда мавжуд энергетик тизимга осон уланиши билан ажралиб туради. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, КҚАСнинг асосий объектлари, яъни ядро ороли, реактор қурилмалари ва уларга боғлиқ тизимлар Россия томонидан ишлаб чиқилади ва қурилади. 

Шу билан бирга, лойиҳанинг самарадорлигиниошириш ва сифатини таъминлаш мақсадида етакчихалқаро компаниялар тажрибасидан фойдаланишкўзда тутилган. Ҳозирги кунда Европа, Хитой ва Венгрия компаниялари билан КАЭСнинг “ядро ороли”, реактор қурилмалари ва у билан боғлиқ бўлган бошқа тегишли тизимлар, ёрдамчи иншоотларни жалб этишда уларда қандай таклифлар борлиги ўрганилмоқда ва бу йўналишда музокаралар олиб бориш режалаштирилмоқда. 

Биз бу лойиҳани амалга оширишда бир нечтайирик халқаро шерикларни жалб қилишнирежалаштиряпмиз. Жумладан, Россия – атом энергетикасида етакчи давлатлардан бири. У асосий пудратчи сифатида станциянинг муҳим объектларини, жумладан, ядро ороли ва реактор қурилмаларини лойиҳалаш ва қуриш вазифасини бажаради. Россия технологиялари ўз ишончлилиги ва самарадорлиги билан бутун дунёда ўзини намоён қилган. 

Франция малакали кадрлар тайёрлашда катта тажрибага эга мамлакат.

Лойиҳа доирасида мутахассислар малакасини ошириш, илғор тажриба алмашиш ва сертификатланган мутахассисларни тайёрлаш учун Франция компаниялари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бу кадрларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш ва лойиҳани амалга ошириш самарадорлигини ошириш имконини беради.

Хитой – модулли қурилиш ва атом станцияларини маҳаллийлаштириш бўйича катта тажрибага эга. Ёрдамчи иншоотларни барпо этишда уларнинг усулларидан фойдаланиш имконияти ўрганилмоқда. 

Венгрия – Россия технологиялари асосида қурилган АЭСларни эксплуатация қилиш бўйича катта тажрибага эга. Венгрия мутахассисларини жалб қилиш ва уларнинг атом станцияларини модернизация қилиш бўйича ёндашувларини ўрганиш режалаштирилган. 

Европа компаниялари эса энергия тежамкор ечимлар, рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этишда шерик сифатида кўриб чиқилмоқда.

Атом электр станциясини қуриш нафақат технологик тараққиёт, балки малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишида ҳам муҳим талабларни қўяди. Ҳозирданоқ биз ушбу соҳада мутахассислар тайёрлашга катта эътибор қаратяпмиз. Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалида ўқитиш жараёнлари йўлга қўйилган.  

Россия ва бошқа давлатлардаги атом станцияларида стажировкалар ташкил этилмоқда. Бизнинг мақсадимиз станцияни хавфсиз эксплуатация қилиш ва мамлакатда ядро энергетикасини ривожлантириш учун малакали кадрлар тайёрлашдир. 

КҚАС лойиҳаси – Ўзбекистоннинг келажакка қаратилган стратегик инвестицияси. У энергетик хавфсизликни таъминлаш, углеводородларга боғлиқликни камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда мамлакатни юқори технологияли саноат соҳасига олиб чиқиш имконини беради. 

Мухтасар айтганда, биз халқаро ҳамкорлик, замонавий технологиялар ва юқори малакали мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимиздаги биринчи КҚАС лойиҳасини Марказий Осиёдаги хавфсиз ва самарали атом энергетикаси намунасига айлантирамиз.