Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда илк бор тармоқсимон полиетилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзелтехсаноат» уюшмаси хабар берди.
«Ўзелтехсаноат» уюшмасида мамлакатимизда илк бор «сшитий» полиетилен хомашёсини ишлаб чиқариш лойиҳасига оид якуний келишув ҳужжатлари имзоланди. Ушбу ҳужжатлар асосида “NASAF XCP TECHNO” қўшма корхонаси ташкил этилиб, лойиҳага расман старт берилди.
Мазкур корхона Хитойнинг “Yunnan Xinchengpeng Polymer Technology” компанияси, «Ўзелтехсаноат» уюшмасига аъзо “Techno Cable Group” корхонаси ҳамда “Шуртангаз кимё мажмуаси” ҳамкорлигида ташкил этилди.
Лойиҳа тафсилотлари:
Умумий қиймати: 8 миллион доллар
Ишлаб чиқариш ҳажми: йилига 35 минг тонна
Янги иш ўринлари: 65 та
Импорт ўрнини босиш ҳажми: йилига 30 миллион доллар
Ишлаб чиқариш икки босқичда амалга оширилади:
1-босқич: Тармоқланган полиетилен ишлаб чиқарилиб, синовдан ўтказилади. (март-апрель, 2025)
2-босқич: Галогенсиз компонентлар ишлаб чиқариш ускуналарига буюртма берилади. (август-сентябрь, 2025)
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда илгари мавжуд бўлмаган ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш натижасида ички бозорнинг йиллик 25-30 минг тонналик эҳтиёжи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қопланади.
У оддий полиетиленга қараганда анча мустаҳкам, эластик ва юқори ҳароратга чидамли бўлиши учун махсус кимёвий ёки физик жараён орқали боғланган молекулаларга эга.PE-X асосан:
Сув қувурлари – иссиқ ва совуқ сув тизимларида ишлатилади.
Газ қувурлари – юқори босимга чидамли бўлгани учун газ етказиб беришда қўлланади.
Иситиш тизимлари – пол ости иситиш тизимларида кенг ишлатилади.
Электр изоляцияси – кабелларни ҳимоя қилиш учун ишлатилади.
Лойиҳанинг ишга туширилиши импорт ҳажмини сезиларли даражада камайтириш билан бирга, ички саноат тармоғини мустаҳкамлашга хизмат қилади.