Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ҳамда рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан тадбиркорларга маркировка қурилмаларини сотиб олиш харажатлари суммасига фойда, айланмадан олинадиган солиқ ва якка тадбиркорлар учун даромад солиғини камайтириш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, пиво маҳсулотларини сотиш фаолияти солиқ органларини хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритиляпти.
Мажлисда депутатлар томонидан солиқ қонунчилигига киритилаётган бу каби ўзгартиришлар маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларни рағбатлантириш ҳамда тамаки ва пиво маҳсулотларини яширин ишлаб чиқаришни олдини олиш орқали аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиниши алоҳида таъкидланди.
Халқ вакилларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши рақамли маркировкалаш тизими такомилаштириш, давлат бюджети барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.