Тошкент, Ўзбекистон — Божхона қўмитасида АҚШнинг Экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги (EXBS) дастурининг Ўзбекистон ва Тожикистон бўйича маслаҳатчиси Д.Экхард ва дастурнинг миллий мувофиқлаштирувчиси И.Кочеткова билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда EXBS дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда келугси йил учун режалар атрофлича муҳокама қилинди.
2024 йилнинг апрелда дастур доирасида Божхона қўмитасининг чегара божхона постлари учун 50 дона СТ-40 кўрик жамланмаси беғараз равишда тақдим этилган бўлиб, мазкур ускуналардан самарали фойдаланиш бўйича Божхона қўмитасининг 25 нафар ходимига назарий ва амалий ўқув курслари ташкил этилди.
Учрашув доирасида Божхона қўмитасига мобил сканер ускуналарини тақдим этиш, минтақавий ҳамкорлик бўйича халқаро семинарларда Ўзбекистон божхона хизмати ходимларининг иштирокини таъминлаш, хусусан авиация хавфсизлиги йўналишида авиаюклар назорати ва божхона кўриги мавзусида амалий ўқув курсини ҳамда божхона ходимлари учун махсус ўқув курсларни ташкил этишга келишиб олинди.
Ташриф сўнггида экспертлар Божхона қўмитасининг Таргетлаш маркази фаолияти билан яқиндан танишишди.