in

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — “Makkah Halal Forum” доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Д.Курбанов Буюк Британиянинг Muslim Trade Forum (MTF) раиси Сир Иқбол Сакрани бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

25-27 февраль кунлари Макка шаҳрида ўтаётган форум икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон вазифасини бажармоқда.

Muslim Trade Forum (MTF) Буюк Британиянинг мусулмон ишбилармонлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган нуфузли ташкилотларидан бири ҳисобланади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги иқтисодий, ҳуқуқий ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги инвестиция муҳити, чет эллик инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Сир Иқбол Сакрани Ўзбекистондаги ислоҳотларни, хусусан иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Музокаралар давомида ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, туризм соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ва молиявий инфратузилмани ривожлантириш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш йўналишлари бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар мулоқотни давом эттириш ҳамда Буюк Британия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.