Тошкент, Ўзбекистон — Жанубий Корея билан "Яримòтказгичлар электроникаси ва интеграл схемалар илмий-ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш" лойиҳаси муҳокама қилинди
Куни кеча «Ўзелтехсаноат» уюшмасида Жанубий Кореянинг "Tech University of Korea" ҳамда Корея Экспорт-Импорт банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раҳбари Мирзиёд Юнусов ва бошқа масъуллар қатнашди.
Корея делегацияси таркибида "Tech University of Korea" профессори Жаноб Ёусук Баэ, ОДА (Расмий ривожланиш ёрдами) лойиҳалари бўйича тажрибали мутахассис доктор Жонгкю Парк, ва Корея Экспорт-Импорт банкининг Тошкентдаги EDCF ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда "Яримòтказгичлар электроникаси ва интеграл схемалар илмий-ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш" лойиҳасини амалга оширишдаги кейинги босқичлар муҳокама қилинди.
Хусусан, мазкур лойиҳа доирасида кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот (R&D) марказини ташкил этиш бўйича Кореянинг KOICA ташкилоти грант маблағларини жалб қилиш имкониятлари муҳокама этилди.
Шунингдек, лойиҳа учун техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш мақсадида Кореянинг EDCF фонди маблағларини жалб қилиш масалалари ҳам музокара марказида бўлди.
Томонлар микроэлектроника, яримўтказгичлар ва рақамли технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, илмий инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, саноат ва олий таълим интеграциясини кучайтириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.
Мазкур лойиҳа икки давлат ўртасидаги стратегик технологик шерикликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.