Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиевни қабул қилди.
Суҳбат чоғида томонлар амалдаги келишувларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ қилиш чора-тадбирларини, шунингдек, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқдилар. Бу жараёнга икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, шаҳарсозлик, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида келишилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича комплекс вазифаларни белгилаш билан бирга, томонлар янги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги қўшма чораларни белгилаб олдилар.
Инвестициявий ҳамкорлик соҳасида ижобий динамика қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Озарбайжон сармояси иштирокидаги 257 та корхона, жумладан, 56 та қўшма корхона ва 201 та корхона 100 фоиз Озарбайжон капитали асосида ташкил топган корхона фаолият юритмоқда. Ушбу кўрсаткичларни бир неча баробар ошириш учун етарли имкониятлар мавжудлиги тўғрисида якдил фикрга келган томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармон доиралари ўртасида истиқболли лойиҳаларни илгари суришга келишдилар.
Учрашув якунида, шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 14-йиғилишини ва Ўзбекистон-Озарбайжон кўп қиррали ҳамкорликнинг кун тартибидаги бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича ўзаро чора-тадбирлар ҳам келишиб олинди.