in

Ўзбекистон Грузия давлат харидлари агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Тошкент, Ўзбекистон — 5 март куни Тошкентда Ўзбекистон-Грузия қўшма иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг 10-йиғилиши бўлиб ўтди.

Грузиянинг электрон давлат харидлари тизими Европа Иттифоқининг давлат харидлари соҳасидаги талаблари асосида ишлаб чиқилган энг самарали тизимлардан бири ҳисобланади. Бу тизим ушбу соҳада ислоҳот ўтказишни мақсад қилган давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

Грузияда электрон харидлар тизимининг жорий этилиши эркин ва адолатли рақобатни ривожлантириш, шунингдек, коррупция хавфини сезиларли даражада камайтириш имконини берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам давлат харидлари соҳасини тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда. Шу билан бирга, давлат харидларининг электрон тизими жорий этилиб, жараёнларнинг ошкоралигини ва маълумотларга эркин кириш имкониятини таъминламоқда.

Бу соҳани халқаро илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш ва хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Шу муносабат билан тадбир доирасида Грузия Давлат харидлари агентлиги билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.

Ҳужжат давлат харидларининг электрон тизимларини такомиллаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш, харид жараёнларини марказлаштириш ва «яшил» харидларни қўллаб-қувватлаш механизмларини ривожлантиришни назарда тутади.

Грузиянинг давлат харидлари соҳасидаги тажрибаси ва замонавий механизмлари Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга ҳисса қўшади.