Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йил 7 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги делегация Афғонистоннинг Балх вилояти бизнес вакиллари билан учрашди.
Тадбир доирасида минтақанинг етакчи тадбиркорлари ва соҳа мутасаддилари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Афғонистон томонидан Дори воситалари сотувчилари уюшмаси раиси Ҳўжа Мирвайс Аҳмадий, Балх вилояти Савдо-саноат палатасининг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси Ҳожи Қаландар Раҳимий, Балх вилояти Савдо-саноат палатаси кенгаши аъзоси, йирик тадбиркор Муҳаммад Туробий, Саноат ва геология бўйича Шимолий палата раиси Саноизода Раис, Қишлоқ хўжалиги палатаси раиси Зайнулло Раис қатнашди.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари, хусусан, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноат соҳаларидаги имкониятлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида афғон ишбилармон доиралари вакиллари 8 апрель куни Термизда бўлиб ўтадиган “Made in Uzbekistan” кўргазма-ярмаркасига таклиф этилди.
Тадбир улар учун Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри мулоқот ва ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш имконини беради.