Тошкент, Ўзбекистон — 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси божхона йиғимларининг янги ставкаларини тасдиқлади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар бермоқда.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖТТ)га аъзо бўлиш жараёнида йиғим ставкаларини ташкилот талабларига мослаштириш мақсадида қабул қилинди.
Хусусан, товарларни божхона расмийлаштириш учун йиғим миқдори божхона органларининг ҳаракатлари билан боғлиқ харажатлар тахминий қиймати асосида белгилаш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, «экспорт» ва «импорт» божхона режимларидаги расмийлаштириш учун йиғим ставкалари уйғунлаштирилди.
Иш вақтидан ташқари товарларни расмийлаштириш учун божхона йиғими миқдори 8 баробарга камайтирилди — 2 базавий ҳисоблаш миқдоридан (750 минг сўм) 25% БҲМга (93,75 минг сўм) туширилди.
Товарларни божхона ҳудудида ва унинг ташқарисида қайта ишлаш режимида расмийлаштириш учун йиғим ставкалари 2 баробар камайтирилди.
Бундан ташқари, олдиндан декларациялашда йиғим суммасидан 20% чегирма бериш назарда тутилган.
Транзит божхона режими учун йиғим миқдори БҲМнинг 25% этиб белгиланди.
Халқаро курьерлик юклари учун янги йиғим жорий этилди — ҳар бир килограмм юк учун БҲМнинг 2% (7500 сўм). Шу билан бирга, фуқаролар учун календарь чорак давомида 1000 АҚШ долларигача бўлган курьерлик юкларини божхона тўловларисиз олиб кириш меъёри амалда қолмоқда.