Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 11 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Корея Республикаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Корея Республикаси Давлат харидлари хизмати раҳбари Лим Кикеун бошчилигидаги делегация ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.
Давлат харидлари тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида ислоҳ қилиш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу сабабли, учрашув доирасида Корея Республикаси Давлат харидлари хизмати билан давлат харидлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Мазкур меморандумда давлат харидларида сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, давлат харидларида коррупцияга қарши курашишнинг халқаро стандартларини жорий этиш орқали назорат механизмларини кучайтириш ва самарадорликни ошириш, ҳамда давлат харидларида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, «яшил» давлат харидларни янада ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш назарда тутилган.
Корея Республикасининг давлат харидлари тизими дунёда энг илғор ва самарали тизимлардан ҳисобланади ва ушбу тизимни жорий этиш бўйича Италия, Туркия, Иордания каби 30 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. KONEPS жорий этилиши орқали эркин ва адолатли рақобатни рағбатлантиришга ва коррупция хавфини кескин камайтиришга эришилган.
Корея Республикасининг давлат харидлари бўйича муваффақиятли тажрибаси ва замонавий механизмлари Ўзбекистонда соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.