in

Ўзбекистон-Покистон: соҳага оид янги истиқболли ҳамкорлик келишувлари имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон — Покистон Ислом Республикасининг Лахор шаҳрида бўлиб ўтаётган “Made in Uzbekistan” кўргазмасида Республикамизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган илмий ютуқлар, саноатдаги улкан натижалар ва янги маҳсулот турлари намойиш этилди.

Кўргазмада 11 нафар ўзбек тадбиркори ҳамда илмий-тадқиқот институтлари иштирок этиб, пахтачилик, сабзавотчилик ва бошқа аграр йўналишлардаги илмий ишланмалар билан қатнашди. Шу билан бирга, 83 турдаги саноат маҳсулотлари – қайта ишланган гўшт ва мева-сабзавотлар, қуритилган маҳсулотлар, зираворлар, данакли ва бошқа ўсимлик ёғлари, қандолат маҳсулотлари кенг турда тақдим қилинди.

Йирик тадбир доирасида бир қатор муҳим келишувлар амалга оширилди. Агроэкспорт савдо корхонаси покистонлик тадбиркорлар билан дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича 5 миллион долларлик шартнома имзолади. “Sara Yevropa Eksim” корхонаси эса зираворлар ва қуритилган сабзавотлар экспорти учун 3 миллион долларлик келишувга эришди.

Шунингдек, Покистондан маҳсулот импорт қилиш бўйича ҳам қатор масалалар муҳокама қилиб, “Atlas shox” va “OOO TTT-Trade” корхоналари покистонлик “Mohmand Enterprises” ва “Buraaq Impex” компаниялари билан картошка импорти бўйича 5 миллион долларлик истиқболли келишувга эришди.

Қайд этиш лозим, кўргазмада Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “Етти хазина” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган истеъмол тухумлари, инкубацион тухумлар ва вакциналар тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг маҳсулотлари Покистон бозорида истиқболли деб баҳоланди.

Шунингдек, уруғчилик йўналишидаги ҳамкорликларни кенгайтириш ва келажакдаги музокараларни Тошкент шаҳрида давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Айтиш мумкинки, бу каби кўргазмалар Ўзбекистон брендининг халқаро миқёсда танилишини таъминлайди ва янги экспорт йўналишларини яратиш орқали миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.