in

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “China Energy International Group Samarkand Cement ” компаниялари ўртасида музокарлар ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон — “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “China Energy International Group Samarkand Cement ” компанияси ўртасида темир йўл ташувларини ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда ҳар иккала компаниянинг асосий мутахассислари жумладан, логистика бўйича экспертлар иштирок этди.

Суҳбатнинг асосий мавзуси темир йўл орқали цемент ташишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари бўлди. Иштирокчилар 2024 йилдаги иш натижаларини кўриб чиқдилар ва 2025 йилга мўлжалланган стратегик мақсадларни белгилаб олдилар.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда "China Energy International Group Samarkand Cement" ўз маҳсулотларини ички бозорга ва экспортга етказиб бериш учун 734 та ёпиқ вагон, 30 та хоппер ва 1227 та оддий вагонлардан фойдаланган. 2025 йилда экспортни 3500 та ёпиқ вагонгача (250 минг тонна) ошириш, шунингдек, ички бозорга 2000 та ёпиқ вагон етказиб бериш режалаштирилган. Бундан ташқари, компания 900 минг тоннага яқин цемент маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни мақсад қилган.

Учрашув давомида темир йўл транспорти соҳасидаги долзарб муаммоларга тўхталиб ўтилди ва уларни ҳал қилиш йўллари таклиф этилди. Афғонистон бозорида рақобатбардошликни сақлаб қолиш ва ўзбек цементининг мавқеини мустаҳкамлаш учун барқарор логистика занжирларини яратиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар маҳаллий маҳсулотларни бозорларга барқарор ва рақобатбардош етказиб беришни таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятини билдиришди.