in

Ўзбекистон-Япония: Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А. Шукуров, Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси М. Абдурахмонов бошчилигидаги Япония қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳамда йирик компания раҳбарлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.

«Zoom» платформаси орқали ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги университетлари талабалари учун япон тили курсларини ташкил этиш ва уларни Японияда амалиёт ўташ имконияти билан таъминлаш лойиҳаси йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Лойиҳа доирасида 2025 йил март-апрель ойларидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ҳамда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида япон тили курслари бошланади. Ҳозирда дарсларни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дастлабки босқичда, 2025–2026 йилларда 500 нафар талаба япон тили курсларига жалб этилиши режалаштирилган. Мазкур ташаббус ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш, халқаро тажриба орттириш ҳамда икки давлат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ режаларни белгилаб олди.