Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Самарқанд вилоятида ўтказилаётган Евроиттифоқ – Марказий Осиё саммити доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Иқлим стратегияси департаменти бошқарувчи директори Жан Перро Наччи билан учрашди.
Мулоқот чоғида барқарор қишлоқ хўжалиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳоловчи "Country Platform" (Миллий платформа)ни ишлаб чиқиш ва унга асосланган концепцияни тайёрлаш бўйича фикр алмашди.
Учрашувда сув ва ер деградацияси, ерларнинг мелиорацияси, озиқ-овқат саноатига инвестициялар жалб қилиш, кадастр тизимини такомиллаштириш ва ер ресурсларидан нотўғри фойдаланиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилиши, уларнинг қиймат занжирида юзага келаётган исрофгарчилик ҳолатлари ҳам муҳокама марказида бўлди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили 24 миллион тоннадан ортиқ сабзавот етиштирилади, бироқ ундан атиги 3,5 миллион тоннаси экспорт қилинади, қолган қисми эса тўлиқ қиймат занжирига киритилмай, йўқотишга учрайди.
Шу каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда, вазир Миллий платформани ишлаб чиқишда техник экинларни ривожлантириш, агростартапларни қўллаб-қувватлаш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, фермерлар учун пахта пояларини қайта ишлаш орқали «Биочар» технологиясини рағбатлантириш таклифи илгари сурилди.
ЕТТБ вакиллари ушбу платформа фермерлар ва озиқ-овқат занжирларига молиявий кўмак бериш, тупроқ деградацияси ва ерларни тиклаш учун тайёр инвестицион пакетлар ишлаб чиқиш, инфратузилма ва логистика тизимларини ривожлантириш орқали ресурсларга киришни яхшилаш, қонунчиликдаги ислоҳотлар ва салоҳиятни ошириш орқали барқарор агро-бизнесни ривожлантириш каби муҳим жиҳатларни қамраб олиши лозимлигини таъкидлади.
Учрашув давомида ЕТТБ томонидан тез орада расмий таклифлар пакети тақдим этилиши маълум қилинди. Шунингдек, иссиқхоналар тармоғини ривожлантириш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.