Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев АҚШнинг “John Deere” компанияси МДҲ давлатлари бўйича вице-президенти П. Сачсе бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Қаҳрамон Юлдашев “John Deere”нинг Ўзбекистондаги фаолиятини юқори баҳолаб, келгусида ҳамкорликни кенгайтириш икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, компания вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Хусусан, ўзбекистонлик фермерларни ўқитиш, семинар-тренинглар ташкил этиш, аграр соҳа талабаларига қишлоқ хўжалигида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича билимларини оширишга қаратилган дастурлар билан таништириш ва ўқитиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида вазир ўринбосари билдирилган таклифларни тезроқ амалиётга жорий этиш лозимлигини таъкидлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўз ваколатлари доирасида ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр эканини қайд этди.
"John Deere" Ўзбекистонда 2008 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Сўнгги 16 йил ичида компания аниқ технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ҳамда Ўзбекистон агросаноат тармоғини замонавий ускуналар ва автоматлаштирилган ечимлар билан таъминлашга эътибор қаратмоқда.