in

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Хитойнинг йирик Jezetek (Sichuan Investment Holding Group)  компанияси делегациясини қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига Хитойнинг йирик Jezetek (Sichuan Investment Holding Group) компаниясининг бош директор ўринбосари Зҳанг Ю бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Уюшма раиси Мирзиёд Юнусов, раис ўринбосари Фаридун Абдуалимов ва раис ўринбосари Аброр Боев хорижий компания вакиллари билан музокаралар ўтказдилар.

Музокарада электротехника саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликда юқори кучланишли кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқариш, электроника йўналишида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Уюшма мутасаддилари учрашув давомида бугунги кунда юртимизда яратилган қулай бизнес-муҳити, давлат раҳбари томонидан электротехника соҳасига кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар хусусида атрофлича маълумот бердилар.

Юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича Jezetek компанияси коллежи филиалини юртимизда очиш, шунингдек малака ошириш бўйича курслар ташкил этиш музокаралар марказида бўлди. Бунда ўзаро тажриба алмашиш учун мамлакатимизда қисқа ва узоқ муддатли таълим дастурлари асосида ўқитишни жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, маҳаллий корхоналар билан ҳамкорликда, мамлакатимизда янги кабель-сим ишлаб чиқариш қувватини яратиш бўйича ҳам фикрлар алмашилди. Шу муносабат билан Хитой компанияси вакилларининг маҳаллий электротехника корхоналарига ташрифи белгиланди.

Учрашув якунида хорижий компания делегетасияси аъзолари уюшма ҳузуридаги «Элтеч-малака» ўқув маркази фаолияти ва унда яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Jezetek компаниясига 1958 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибига 51 та компания, 5 та илмий марказ, 7 та қўшма лаборатория ва бошқалар киради. Компания юқори технологийлари ускуналар, мультимедиа қурилмалари ишлаб чиқариш, дастурий таъминот ва молиявий бошқарув билан шуғулланади.