Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Сербия Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт вазири Адриана Месарович билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хусусан, икки вазирлик ўртасидаги институционал алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув конструктив ва очиқ мулоқот руҳида ўтди.
Музокаралар давомида ўзаро товар савдо айланмаси ҳажмини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда янги технологияларни жорий этиш орқали саноатни юксалтириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда ушбу йўналишда қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Ўзбекистон–Сербия бизнес форуми фаолиятига муваффақият тиланди ҳамда мазкур платформа икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
