in

Ўзбекистон ва Сербия қишлоқ хўжалигида стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев мамлакатимизда бўлиб турган Сербия Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт вазири Адриана Месарович бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги амалдаги ҳамкорлик ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар қишлоқ хўжалиги ҳар икки мамлакат иқтисодиётида стратегик ўрин тутиши, шунинг учун дон ва мойли экинлар ва мева-резавор маҳсулотларни етиштиришда ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек қайта ишлаш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Томонлар ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига ИТ технологияларни жалб этиш, аниқ деҳқончилик сенсорларидан фойдаланиш каби йўналишларда тажриба алмашинувини кенгайтириш ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотни изчил давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунида қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма ишчи гуруҳ тузиш, илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Томонлар ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.