in

2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 114,96 миллиард долларни ташкил қилди

Тошкент, Ўзбекистон — 2024- йил якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЯИМи ҳажми жорий нархларда 1 454 573,9 млрд сўмни ташкил этди ва 2023- йил билан таққослаганда 6,5 % га ўсди. ЯИМ дефлятор индекси 2023- йилдаги нархларга нисбатан 113,3 % ни ташкил этди.

ЯИМ физик ҳажм индекси (ўсиш суръати) доимий нархларда, яъни ўтган йилнинг мос даври нархларида ҳисобланган ҳисобот даври ЯИМ (реал ЯИМ)ни жорий нархлардаги ўтган йилнинг мос даври ЯИМига нисбати орқали ҳисобланади.

Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) иқтисодий резидент-бирликлар ишлаб чиқариш фаолиятининг якуний натижасини ифодаловчи ва ушбу бирликлар томонидан якуний фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматлар қиймати орқали ўлчанадиган Миллий ҳисоблар тизими (МҲТ)нинг асосий кўрсаткичларидан биридир

2024- йилда АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача расмий курси 12 652,7 сўм, 2023- йилда 11 737,2 сўм, 2022- йилда 11 051,2 сўм, 2021- йилда 10 610,0 сўм, 2020- йилда 10 055,8 сўмга тенг бўлган. Жорий даврда ўртача алмашув курси бўйича ҳисобланган номинал ЯИМ ҳажми 114 962,0 млн АҚШ долларини ташкил этди.

2024- йилда ЯИМ ўсишига қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғи 0,6 ф.п., саноат тармоғи – 1,7 ф.п., қурилиш тармоғи – 0,6 ф.п. ва хизмат кўрсатиш тармоғи – 3,3 ф.п. ижобий ҳисса қўшди. Маҳсулотларга соф солиқларнинг ўсиши ҳисобига ЯИМ 0,3 ф.п. га кўпайди.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 95,3 % ини ташкил этди ва 6,6 % га ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 6,2 фоиз пунктни ташкил этди). Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 4,7 % ни ташкил этди ва 2023- йил билан таққослаганда 6,0 % га ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири – 0,3 ф.п.). 2024- йил якунларига кўра, ЯИМ таркибида катта бўлмаган ўзгаришлар кузатилди. 2023- йилга нисбатан ЯИМ (ЯҚҚ) таркибида хизматлар соҳасининг улуши 46,2 % дан 47,4 % га, саноатнинг улуши 25,3 % дан 26,4 % га ошди. Шу билан бирга, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши 21,2 % дан 19,2 % га ҳамда қурилиш тармоғининг улуши 7,3 % дан 7,0 % га камайди.

Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолисининг ўртача сони 2020- йилда 34 232,1 минг киши, 2021- йилда 34 915,1 минг киши, 2022- йилда 35 648,1 минг киши, 2023- йилда 36 412,4 минг киши ва 2024- йилда 37 171,5 минг кишини ташкил этган.

2024- йилда аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми жорий нархларда 39 131,4 минг сўмни (ёки 3 092,7 АҚШ доллари эквивалентида) ташкил этди.

Юқорида келтирилган диаграммадан кўриниб турганидек, 2024- йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши 2023- йилга нисбатан 4,4 % ни, 2020- йилга нисбатан эса 19,5 % ни ташкил этди.

2024- йил якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 3,1 % (2023- йилда – 4,1 %, 2022- йилда – 3,6 %, 2021- йилда – 4,0 %, 2020- йилда – 2,9 %) даражасида ижобий ўсиш қайд этилди.

2024- йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 467 041,5 млрд сўмни ташкил этди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)лари умумий ҳажмининг 96,6 % и – деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар, 2,5 % и – ўрмон хўжалиги, 0,9 % и – балиқчилик хўжалиги ҳиссасига тўғри келди. 2024- йил якунларига кўра, ушбу тармоқдаги ижобий ўсиш суръатлари деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматларнинг 3,1 % га ва ўрмон хўжалиги – 3,0 % га ўсиши билан боғлиқ.

2024- йил якунларига кўра, саноат тармоғи қўшилган қийматида 6,8 % га ўсиш кузатилган. Ушбу тармоқдаги ижобий динамика, асосан тоғ-конь саноати ва очиқ конларни ишлаш тармоғининг қўшилган қиймати 1,9 % га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатнинг 7,7 % га, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондитсиялаш тармоғининг 5,4 % га ҳамда сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш тармоғининг 5,6 % га ижобий ўсиши ҳисобига таъминланди.

2024- йилда 2023- йил билан таққослаганда қурилиш ишлари ҳажми 8,8 % га ўсди. Жумладан, ўсиш суръатлари бино ва иншоотлар қурилишида 105,5 % ни, фуқаролик объектлари қурилишида 124,7 % ни ва ихтисослаштирилган қурилиш ишларида 106,4 % ни ташкил этди.

2024- йил якунларига кўра, хизматлар соҳасининг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 657 348,5 млрд сўмни ташкил этди ва 2023- йилга нисбатан 7,7 % га ўсди. Шу жумладан, савдо хизматлари 11,5 % га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 10,7 % га, ташиш ва сақлаш хизматлари 8,5 % га, ахборот ва алоқа хизматлари 24,7 % га, бошқа хизматлар 4,5 % га ўсди.

2024- йилда савдо тармоғининг ялпи қўшилган қиймати таркибида энг катта улуши чакана савдо (автотранспорт воситалари савдосидан ташқари)га тўғри келди ва 56,1 % ни ташкил этди. Улгуржи савдо (автотранспорт воситалари савдосидан ташқари)нинг улуши 30,9 % ни, автотранспорт воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси ҳамда уларни таъмирлашнинг улуши 13,0 % ни ташкил қилди.

2024- йил якунларига кўра, ташиш ва сақлаш тармоғининг Ўзбекистон Республикаси ЯИМидаги улуши 5,4 % ни ташкил этди. Ташиш ва сақлаш тармоғининг қўшилган қиймати таркибида энг кўп улуши автомобиль транспортига тўғри келди ва 55,7 % ни ташкил этди. Мазкур тармоқ умумий қўшилган қийматида қувур транспортининг улуши 13,4 %, темир йўл транспортининг улуши 8,4 %, ёрдамчи транспорт фаолиятининг улуши 14,9 %, ҳаво транспортининг улуши 7,6 % ни ташкил этди.

2024- йилда ахборот ва алоқа тармоғининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 2,7 % ни ташкил этди. Мазкур тармоқ ялпи қўшилган қиймати таркибида асосий улуш алоқа хизматларига (симли ва мобил алоқа хизматлари, интернет тармоғи ва бошқаларга) тўғри келди ва 35,0 % ни ташкил этди. Тармоқда яратилган ялпи қўшилган қийматнинг қолган 65,0 фоизи ахборот ва алоқанинг бошқа тармоқлари (нашриёт фаолияти, компьютер дастурлаштириш соҳасидаги фаолият, дастурлар яратиш бўйича фаолият, телекўрсатув ва радио-эшиттириш в.б.) ҳиссасига тўғри келди.

2024- йилда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) хизматларининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 2,4 % ни ташкил этди. Тармоқда яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажмининг 38,2 фоизи алоқа хизматлари, 43,3 фоизи компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар, 9,6 фоизи маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш бўйича хизматлар, Wеб-порталлар, 5,5 фоизи дастурий таъминотни чиқариш, қолган 3,4 фоизи компьютерлар ва алоқа ускуналарини таъмирлаш хизматлари ҳиссасига тўғри келган.

2024- йил якунлари бўйича кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари томонидан 753 226,9 млрд сўм миқдорида қўшилган қиймат ёки иқтисодиётдаги ялпи қўшилган қийматнинг 54,3 % и яратилган. Шундан 33,9 % и қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги, 12,6 % и саноат, 10,1 % и қурилиш тармоқлари ва 43,4 % и хизматлар соҳасига тўғри келди. Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари улуши иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 95,8 %, қурилишда 78,4 %, хизматлар соҳасида 49,8 % ва саноатда 25,9 % ни ташкил этди.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон Республикасида кузатилмайдиган (норасмий ва яширин) иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 505 650,1 млрд сўмни ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 34,8 % ни ташкил этди. Шундан норасмий иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 383 643,7 млрд сўмни ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 26,4 % ни ташкил этди. Яширин иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми эса 122 006,5 млрд сўмни ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8,4 % ни ташкил этди.

2024- йилда норасмий ва яширин иқтисодиёт ҳажмининг тармоқлар бўйича таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 63,6 % ни, қурилиш 41,3 % ни, хизматлар соҳаси 40,1 % ни ва саноат 8,9 % ни ташкил этган.