in

2024 йилда 40 трлн сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди

Тошкент, Ўзбекистон — 2024 йили Ўзбекистонда 40 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда «Узсаноатқурилишматериаллари» Ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, ишлаб чиқариш бўйича режа 5,4% га ортиқча бажарилган. Саноат тармоғининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши эса 4,8% ни ташкил этган.

Ўтган йилда соҳада жами 2,2 млрд долларлик инвестициялар, шундан 1,4 млрд долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Соҳада 2024 йилда 840 млн доллар экспорт амалга оширилди. Шу билан бирга, Тайланд, Бельгия, Исроил, Испания, Франция, Хорватия, Ироқ, Бразилия ва бошқа шу каби давлатларнинг бозорларини ўзлаштирилиши ҳисобига маҳсулотлар экспорт географияси кенгайтирилди. Ўтган йилнинг ўзида қўшимча 10 тадан ортиқ янги маҳсулотлар экспорт қилинди.

Экспортчиларни айланма маблағ билан таъминлаш учун алоҳида Факторинг ташкилоти очилиб, унга 100 миллион доллар ажратилади. Корхоналарнинг халқаро сертификат талабларига мослашиш харажатларининг 20 минг долларгача қисми қоплаб берилади.

Ривожланиш ва тадқиқот марказлари учун олиб келинадиган лаборатория жиҳозлари божхона божларидан озод қилинади. Халқаро маркетплейслар орқали маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш учун 2 миллион доллар йўналтирилади.