Тошкент, Ўзбекистон — Қирғизистоннинг давлат авиакомпанияси Asman Airlines 2025 йилда ўз йўналишлар тармоғини кенгайтириб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва қатор узоқ хорижий давлатларга мунтазам парвозларни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ТАСС агентлигига берган интервьюсида "Қирғизистон аэропортлари" АЖ бошқарув раиси Манасбек Самиддинов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2026–2027 йилларда авиакомпания халқаро бозорда ўз мавқеини анча мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Бу мақсадда Airbus A320 ва A321 туридаги икки янги ҳаво кемасини фойдаланишга киритиш режаси кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, авиакомпания Яқин Шарқ ва Европа давлатларига парвозларни йўлга қўйиш имкониятини фаол ўрганмоқда. Кенгайишнинг биринчи босқичи доирасида 2025 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистонга парвозлар бошланиши режалаштирилган.
Самиддинов таъкидлаганидек, 2024 йилда авиакомпания учта Dash 8 400 самолётини сотиб олган, бу эса унга ички йўналишлар, жумладан, Ош, Қароқол, Талас ва Жалолободга рейсларни амалга ошириш имконини берди.
Бошқарув раиси Asman Airlines етакчи авиакомпаниялар билан рақобатлашиш учун катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Бунинг асосий омиллари сифатида давлат кўмаги, замонавий ҳаво парки ва рақобатбардош нарх сиёсати келтирилди.
Шу билан бирга, Самиддиновнинг фикрича, халқаро бозорда ўзини мустаҳкам тутиши учун авиакомпания хизмат сифатини ошириш, ҳаво паркини кенгайтириш ва чет эл авиакомпаниялари билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш устида иш олиб бориши лозим.