in

«Gulfood» 2025 кўргазмасида Ўзбекистон ўз маҳсулотларини намойиш этди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 17-21 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси Дубай (БАА) шаҳрида бўлиб ўтган “Gulfood 2025” йирик халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмасида иштирок этди.

“Made in Uzbekistan” стендида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноати ва агросаноат комплексидаги 40 дан ортиқ етакчи компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этди. Экспорт маҳсулотларининг кенг ассортименти: янги мева-сабзавотлар, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, дуккаклилар, табиий шарбатлар, минерал сувлар ва бошқа экологик тоза маҳсулотлар намойиш этилган стенд импортёрлар, дистрибютор ва чакана савдо корхоналари эътиборини ўзига тортди.

Кўргазмада БАА, Саудия Арабистони ва бошқа Форс кўрфази давлатларининг 20 дан ортиқ етакчи чакана савдо компаниялари, дистрибюторлари ва савдо агентлари, жумладан Al Maya Group, Lulu, Carrefour BAA, Carrefour Saudi, Choithrams, Grandiose Hypermarkets, Americana Foods, Family Brands, SafarakPlus, L.S., L.S ff, Kainro World, Kamal Luthra General Trading MChJ, Al-Tayeb компаниялари қатнашди.

Шу билан бирга, «“Lulu» ва Al Maya Retail” савдо тизимлари раҳбарияти билан ўзбек маҳсулотлари сотиладиган “Made in Uzbekistan” савдо расталарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Кўргазманинг дастури доирасида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Яқин Шарқдаги энг йирик EIZлар – KEZAD Group, Фужайра ва Дубай интеграциялашган иқтисодий зоналари раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.

Ўзбекистон маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига экспорт қилиш учун дистрибюторлик марказини очиш, бизнес-инкубаторларни ташкил қилиш, саралаш ва сақлаш қувватларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Яқин Шарқдаги энг йирик NOON электрон тижорат платформаси билан Ўзбекистон товарларини жойлаштириш, бонд омборларидан фойдаланиш, STM (ўз савдо белгиси) асосида етказиб беришни йўлга қўйиш ҳамда B2B ва B2C тарзида экспортга етказиб беришни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.