in

JBIC билан янги ташаббусларни амалга ошириш йўналишлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) делегацияси вакиллари билан учрашди. Делегацияга JBICнинг Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйича ижрочи директори Сато Такаюки бошчилик қилди.

Учрашувда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидаги лойиҳаларни молиялаштириш гуруҳи раҳбари Като Манабу, JBICнинг Москвадаги МДҲ мамлакатлари бўйича ваколатхонаси раҳбари Кен Имаи, “Япония халқаро лойиҳаларга кўмаклашиш маркази” бош ижрочи директори Аскар Султонов, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходимлари иштирок этди.

Муҳокаманинг асосий мавзуси Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик доирасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўлди.

Учрашув иштирокчилари JBIC томонидан қўллаб-қувватланаётган жорий лойиҳаларни таҳлил қилиб, мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқлари ва инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни амалга ошириш йўлларини муҳокама қилди.

Барқарор ривожланишга йўналтирилган, айниқса, “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор берилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли янги соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилди. Япония томони Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда бундан буён ҳам иштирок этишдан манфаатдорлигини билдирди ва умумий мақсадларга эришиш учун фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсишига қаратилган стратегик ташаббусларни рўёбга чиқариш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлаб, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.