Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев “JP Morgan” банкининг МДҲ мамлакатлари бўйича катта менежери ва инвестиция-банк бўлими раҳбари Тимур Кунанбаев билан учрашди. Суҳбат давомида халқаро молия бозорларидаги мавжуд вазият, Ўзбекистоннинг глобал молия институтлари билан ҳамкорлик истиқболлари ва бозор шароитларида юзага келаётган муҳим тенденциялар муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев Ўзбекистонда олиб борилаётган бозор механизмларини ривожлантириш, капитал бозорларининг барқарор ишлашини таъминлаш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистон молия тизимидаги барқарорлик, инвестицион жозиба ва йирик лойиҳаларнинг молиялаштирилишига бўлган инвесторлар қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди.
“JP Morgan” вакили, ўз навбатида, минтақавий макроиқтисодий жараёнлар ва глобал молия бозорларидаги ҳозирги ҳолат бўйича ўз таҳлиллари билан ўртоқлашди. Шунингдек, банкнинг бошқа давлатлар билан амалга оширган молиявий операцияларидаги тажрибалар мисолида Ўзбекистон билан потенциал ҳамкорлик форматлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар янги турдаги молиявий инструментларни жорий этиш ҳамда “JP Morgan” иштирокида Ўзбекистон бозорида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳар томонлама кўриб чиқишга келишиб олди.