Тошкент, Ўзбекистон — Яшил энергия манбалари технологияларини юртимизда жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда дунёнинг «Masdar», «Acwa Power» каби етакчи хорижий компанияларининг инвеститсион лойиҳалари доирасида қуёш панеллари, шамол генераторлари стансиялари ишга туширилиши режалаштирилган.
Ушбу турдаги стансияларни юртимизда қуриш ишларига «Masdar» компанияси ҳам жалб қилинган. Куни кеча «O‘zeltexsanoat» уюшмасида ушбу компания вакили билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда республикамизда шамол, қуёш электр стансиялари ва энергия сақлаш тизимлари қурилишларига маҳаллий электротехника саноати корхоналари томонидан маҳсулотлар етказиб бериш муҳокама қилинди.
Шунингдек, хорижий компания лойиҳаларини амалга оширишда уюшма мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2030-йилгача яшил электр стансияларининг умумий қувватини 27 Гигаваттга етказиш вазифаси қўйилган.
Умуман юртимизда амалга ошириладиган яшил энергетика лойиҳалари учун $ 500 млн долларлик кабел-сим маҳсулотларига эҳтиёж борлиги айтилган.
Уюшма бу каби кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда «Masdar», «Acwa Power» ва бошқа шу каби компаниялар билан кооператсия алоқаларини ривожлантиришда давом этади.