Тошкент, Ўзбекистон — 2025 йил 30 январь куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Умрзаков “Meridiam” инвестиция фондининг Евросиё бўйича директори Реми Хассенфордер бошчилигидаги делегация билан учрашди.
“Meridiam” — Парижда жойлашган, узоқ муддатли ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва бошқаришга ихтисослашган глобал инвестор ва активларни бошқарувчи компаниядир. 2005 йилда ташкил этилган фонд асосан Европа, Шимолий Америка ва Африкадаги жамоат инфратузилмасига сармоя киритади.
Учрашувда компания вакили Сарп Истанбулугли ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул ходимлари ҳам иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди. Хусусан, давлат-хусусий шерикликнинг янги инновацион модели асосида мамлакатимизнинг турли вилоятларида умумий ўрта таълим мактабларини қуриш масаласи кўриб чиқилди.
Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) масалаларига, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа инфратузилма объектлари соҳасида келажакдаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Meridiam” вакиллари Ўзбекистон бозорининг улкан инвестицион салоҳиятга эгалигини қайд этиб, мамлакатдаги ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирдилар. Улар Ўзбекистонда ДХШ асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳаларни юқори баҳолаб, ўз тажрибаларини татбиқ этиш ҳамда инновацион молиявий ечимлар таклиф қилишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Хусусан, хорижий томон яқинда эълон қилинган Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш лойиҳасига қизиқиш билдирди.
Бундан ташқари, учрашувда инвестицияларни жалб қилиш ва лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. "Meridiam" вакиллари Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳаларга катта қизиқиш билдириб, фонднинг узоқ муддатли барқарор инвестициялар тамойилларига мувофиқ инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишда келгуси ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёрликларини тасдиқлашди.