Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси А. Султанов ва Испаниянинг “Xporting Goods Europe” (XGE) компанияси директори Ж. Родригуэс ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон чарм саноати маҳсулотларини Европа Иттифоқи (ЕИ), хусусан, Испания бозорига олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
XGE компанияси халқаро савдоларни амалга ошириш ва салоҳиятли ҳамкорлар топиш бўйича халқаро савдо ташкилоти сифатида танилган. Мулоқотда XGE ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини Европа бозорида кенгайтириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Шу билан бирга, компания маҳаллий корхоналар учун ЕИ стандартларига мос маркетинг фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, маркетинг ва савдо соҳаларида малака ошириш курслари ва тренинглар ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, томонлар йирик халқаро кўргазмаларда ва бизнес ташрифларда Ўзбекистон чарм саноати вакилларининг иштирокини таъминлаш, Европадаги пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи брендлар билан музокаралар ташкил этиш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Бу ташаббуслар Ўзбекистон чарм саноатининг глобал бозорга интеграциясини кучайтиришга, янги экспорт имкониятларини яратишга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро даражада танитишга хизмат қилиши кутилмоқда.