in

Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар қарийб 116 млрд сўм солиқ тўлаган

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 63 та хорижий компания томонидан 2024 йилда 115,8 млрд сўм солиқ тўланган. Бу 2023 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси маълум қилди.

Қўмитанинг маълумотларига кўра, тўланган солиқларнинг 99,9 %и электрон хизматлар кўрсатувчи қуйидаги 10 та хорижий компаниялар амалга оширган.

Хусусан, Meta 41,7 миллиард сўм, Google — 29 миллиард сўм, Apple эса — 27,3 миллиард сўм миқдорида солиқ тўлаган.

Солиқ тўловлар ҳажми бўйича кейинги ўринларда Amazon (4,1 млрд сўм), Booking.com (3,6 млрд сўм) ҳамда Netflix ва Zoom (ҳар бири 1,4 млрд сўм) жой олган. Шунингдек, Acca 1,2 миллиард сўм, Xsolla — 966,7 миллион сўм, TikTok эса — 903 миллион сўм миқдорида солиқ тўлаган.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, электрон хизматлар кўрсатувчи барча хорижий юридик шахслар ҳар чорак якунланганидан кейинги ойнинг 20 санасидан кечиктирмасдан солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва солиқларни тўлаши шарт.