Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикасининг умумий қиймати қарийб 1,5 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги навбатдаги суверен халқаро облигациялари жаҳон молия бозорларида жойлаштирилди.
Жорий йилнинг 18 ва 20 февраль кунлари куни Лондон шаҳрида АҚШ долларида 7 йиллик, еврода 4 йиллик ва сўмда 3 йиллик суверен халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича буюртмалар қабул қилиниши эълон қилинди.
Ўзбекистоннинг халқаро облигацияларини сотиб олиш учун жами 4,2 млрд АҚШ доллари миқдоридаги буюртмалар келиб тушди, жумладан:
— АҚШ долларидаги (7 йиллик) облигацияларга – 2 млрд доллар;
— евродаги (4 йиллик) облигацияларга – 1,6 млрд евро;
— сўмдаги (3 йиллик) облигацияларга – 7,3 трлн сўм.
Ўзбекистоннинг халқаро облигациялари бўйича қуйидаги фоиз ставкалари қайд этилди:
500 млн АҚШ доллари миқдоридаги 7 йиллик облигациялар бўйича – 6,95 фоиз (2024 йил май ойида чиқарилган 7 йиллик суверен халқаро облигациялари 7,125 фоиз ставкасида жойлаштирилган);
500 млн евро (525 млн АҚШ доллари) миқдоридаги 4 йиллик облигациялар бўйича – 5,1 фоиз (2024 йилда 3 йиллик облигациялар – 5,375 фоиз ставкасида);
6 трлн сўм (463 млн АҚШ доллари) миқдоридаги 3 йиллик облигациялар бўйича – 15,5 фоиз (2024 йилда 3 йиллик облигациялар – 16,625 фоиз ставкасида).
Маълумот учун: жорий йилнинг январь-февраль ойларида ички молия бозорида 3 йил муддат учун давлат ғазначилик облигациялари бўйича фоиз ставкаси 15,6-16,1 фоизни ташкил этган.
Халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги
ЎРҚ-1011-сонли “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 2025 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш ҳамда ипотека дастурини молиялаштириш учун тижорат банкларига ресурс ажратиш учун йўналтирилади. Жумладан:
Евродаги суверен халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун ишлаб чиқилган облигациялар дастури доирасида “Яшил” мақоми билан чиқарилган бўлиб, “Яшил” облигациялардан келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ҳамда шу каби бошқа лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
“Яшил” облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳисобот халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.
2021-2024 йиллар давомида умумий қиймати 1,2 млрд АҚШ долларига тенг миқдордаги Ўзбекистоннинг суверен халқаро облигациялари “Барқарор ривожланиш мақсадлари” ва “Яшил”мақоми билан чиқарилган бўлиб, мазкур облигациялардан тушган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳисоботлар халқаро стандартларга мувофиқ эълон қилиб борилмоқда.
Бунда лойиҳаларни танлаб олиш жараёнига Бирлашган миллатлар ташкилотининг ривожланиш дастури (UNDP) жалб қилинган ҳамда дастур бўйича “Sustainalytics” томонидан мустақил хулоса тақдим этилган.
АҚШ доллари ва сўмда чиқарилган суверен халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар республика аҳолисини уй-жой билан таъминлаш дастурини молиялаштириш ҳамда умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини қуриш, уларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.