Тошкент, Ўзбекистон — Айни дамда Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган Агентлик делегацияси ICBA билан Англашув меморандумини имзолади.
Унга кўра томонлар ўртасида илмий ва илмий-техник маълумотлар, материаллар, нашрлар ва бошқа тегишли маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади. Ўзбекистонлик ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун илмий стажировкалар ташкил этилади, тегишли соҳаларда илмий салоҳиятни янада ошириш ва касбий ривожланиш имкониятлари яратилади. Шунингдек, Орол денгизи қуриган туби экотизимини тиклаш бўйича ўзаро ҳамкорлик олиб борилади.
Тадқиқот маркази раҳбари Тарифа Алзааби билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида, Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) 1999 йилда ташкил этилган халқаро, нотижорат қишлоқ хўжалиги амалий тадқиқот маркази бўлиб, бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ ҳамкорлар, жумладан, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилади. У шўрланган ерларга эга бўлган ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди ва бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ёрам беради.
ICBA нинг тадқиқотлари 30 дан ортиқ мамлакатларда қўлланилмоқда.
Инновацион ривожланиш агентлиги делегацияси вакиллари хизмат сафари давомида шунингдек, ICBAнинг тажриба майдонларида олимлар томонидан амалга оширилган тадқиқотлар, Амирликларнинг тупроқ музейи (Emirates Soil Museum), шунингдек, қурғоқчилик, иссиқлик ва шўрланишга чидамли ўсимлик турларининг гермплазмасининг дунёдаги энг йирик коллекцияларидан бири бўлган ноёб генбанк фаолиятини кўздан кечирдилар.