in

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси учун “CT TECH+” дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 27 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси учун “CT TECH+” дастури тақдимоти бўлиб ўтди. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ушбу дастур Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Киберхавфсизлик ва ривожланаётган технологиялар бўйича глобал терроризмга қарши кураш” дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон учун “CT TECH+” дастурини расман тақдим этиш, шунингдек, 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини келишишдан иборат.

Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аксилтеррор бошқармаси ҳузуридаги Терроризмга қарши кураш маркази ва Халқаро жиноят полицияси (Интерпол) ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда давлат органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, илмий доиралар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.

“CT TECH+” дастури терроризмга қарши курашга йўналтирилган миллий стратегияларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг технологик имкониятларини ошириш ва янги технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ террорчилик таҳдидларига қарши курашда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Дастур мутахассисларни сунъий интеллект, очиқ манба разведкаси (OSINT), шунингдек, кибертерроризм ва даркнетдаги ноқонуний операцияларга қарши курашиш бўйича ўқитишни ўз ичига олади.

Тақдимотнинг расмий дастуридан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси вакилларининг чиқишлари, киберхавфсизлик соҳасидаги глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш, шунингдек, “CT TECH+” доирасида ўзаро ҳамкорлик стратегияларини ишлаб чиқиш ўрин олди.